Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан 1 февралдан 1 мартгача “Қишлоқ хўжалиги ходимлари саломатлиги ойлиги” акцияси ўтказилмоқда.
Мазкур акция Хоразм вилоятида ҳам уюшқоқлик билан ташкил қилинмоқда. Вилоятнинг барча қишлоқларида саломатлик ойлигида фаол иштирок қилишга чорловчи баннерлар илинди. Тиббий бригадалар ҳамширалари қишлоқ хўжалиги ходимларининг хонадонларида бўлиб, тиббий кўрикка таклиф қилишди.
Шу кунларда белгиланган график асосида вилоятимизнинг малакали тор соҳа мутахассислари бирламчи тиббиёт муассасаларида бўлиб, миришкор деҳқону боғбонлар саломатлигини кўрикдан ўтказмоқдалар.
Шовот туманидаги оилавий поликлиникалар бугун ҳар доимгидан гавжум бўлди. Вилоят марказидан малакали мутахассисларнинг ташриф буюргани ўз соғлиғига бефарқ бўлмаган қишлоқ аҳлини кўрикдан ўтишга ундади. Шифокорлар ногиронлиги бўлган, сурункали касаллиги бор беморларнинг хонадонларига бордилар. Соғлом турмуш кечиришга доир буклетлар тарқатилди.
Янгибозор туманида ҳам қишлоқ хўжалиги ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини тиббий кўрикдан ўтказиш бошлаб юборилди. Шоирлар, Гулистон маҳаллаларида бўлиб ўтган кўрикларда 90 нафардан ортиқ фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилди. УТТ, ЭКГ ва лаборатория таҳлиллари орқали тиббий кўрикка ташриф буюрган фуқароларга ташхислар қўйилди. Невролог, кардиолог, травматолог, акушер-гинеколог, педиатр мутахассислари таҳлиллар асосида кўрикка келган қишлоқ хўжалиги ходимлари билан мулоқотда бўлиб, тегишли тавсилар бердилар.
-Оиламиз билан тиббий кўрикдан ўтиш учун келдик,-дейди Янгибозор туманидаги “Анварбек Ҳамидбек” фермер хўжалиги раҳбари Илҳом Дўсчанов. — Анчадан бери овқат хазм қилишда қийналар эдим. Бироқ иш кўплигидан шифокорга боришга вақт тополмаётгандим. Ўт тоши ташхиси қўйишди ва зарур муолажаларни тавсия қилишди. Вақтимизни тежашга, соғлиғимизни тиклашга ёрдам бераётган шифокорлардан миннатдормиз.
Тиббий кўриклар давомида соғлом турмуш тарзини қўллаб қувватлаш ва аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш маркази ходимлари томонидан соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, тўғри овқатланиш, жисмоний фаолликни ошириш, зарарли одатлардан сақланишга доир тарқатма материаллар тарқатилди.
Янгиариқ туманида ҳам акция уюшқоқлик билан ўтказилмоқда. “Қоракўз” маҳалла тиббиёт пунктида ташкил қилинган кўрикка маҳаллада яшовчи юздан зиёд қишлоқ хўжалик ходимлари жалб қилинди. Улар шифокорлардан зарур тавсиялар олдилар.
-Маҳалламизда тиббиёт пункти ташкил қилинганидан хурсанд бўлган эдик. Ушбу пункт узоғимизни яқин, мушкулимизни осон қилишга хизмат қилмоқда. Мана, шу ернинг ўзида чуқурлаштирилган кўрикдан ўтдик,-дейди фермер Оллаёр Раҳимов.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Содиқжон Содиқов, бошқарма мутасадди ходимлари жойларда бўлиб, тиббий кўрикларнинг бориши билан танишдилар. Кўрикларни янада уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан зарур топшириқлар берилди.
Бу каби кўриклар вилоятимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.
Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати