Инсон ўз ҳаётидан, ҳар бир кунидан рози бўлиб яшашининг асосий мезонларидан бири бу саломатликдир. Бирон жойимизда оғриқ безовта қилса, шифокордан нажот излаймиз. Шифокорларимиз куннинг қай вақти бўлишига қарамай, шифо истаб келган беморга ёрдам қўлини чўзади, дардига малҳам бўлади.
Бугунги кунда Янгибизор туман тиббиёт бирлашмасида ўз касбининг фидойилари бўлган 90 дан зиёд шифокор ва 550 га яқин ўрта тиббиёт ходимлари аҳоли саломатлигини
мустаҳкамлашга камарбаста.
Туманда аҳолига амбулатор хизматлар кўрсатиш сифати ҳам тубдан яхшиланмоқда. 235 қатновга мўлжалланган кўп тармоқли марказий поликлиника, ҳар бири юз қатновга мўлжалланган 3 та оилавий поликлиника, жами 200 қатновга мўлжалланган 3 та оилавий шифокорлик пунктлари соат эрталабки саккиздан кечки саккизга қадар аҳоли хизматида. Тиббий хизматдан фойдаланишда муаммоларга дуч келиб, болаларни эмлаш ва тиббий кўрикдан ўтказиш учун ёзнинг жазирамаси-ю қишнинг қаҳратон совуғида узоқ масофани босиб маҳалла марказларига келишга мажбур бўлишаётган олис маҳаллаларда эса 13 та маҳалла тиббиёт пунктлари фаолияти йўлга қўйилди.
Шу кунларда тумандаги амбулатор муассасалар янада гавжум. Боиси туман аҳолиси чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Вилоятнинг малакали мутахассислари маҳаллий тиббиёт ходимлари билан биргаликда ҳар бир фуқаро соғлиғини назорат қилмоқда. Мобиль поликлиникалар, маммография ускуналари ўрнатилган махсус автомашиналар аҳоли хизматида.
Масъул шифокорлар ногиронлиги бўлган, сурункали касалликлар билан рўйхатда турувчи беморларнинг хонадонларида бўлиб, саломатлик даражасини ўрганмоқда. Тегишли ташхислар қўйилиб, касаллик аниқланган фуқароларни соғломлаштириш чоралари кўрилмоқда. Аҳамиятли жиҳати тиббий кўриклар давомида тезкор аралашувлар зарур бўлган касалликлар қайд қилинган тақдирда, туман тиббиёт бирлашмасининг ўзида жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда. Тиббиёт бирлашма биносининг қайта реконструкция қилиниб, замонавий тиббиёт буюмлари билан жиҳозланганлиги эндиликда кўплаб касалликларни ҳудуднинг ўзида даволаш имконини бермоқда.
Тиббий кўриклар давомида аёллар касалликларини аниқлаш ва даволашга ҳам эътибор қаратилмоқда. Бу эса аёлларнинг вилоят марказига овора бўлиб келишининг олдини олмоқда. Вилоят перинатал маркази мутахассислари томонидан туманда илк бора “бачадон пектопексияси” жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Бу каби янгиликларнинг жорий қилиниши касалликларни эрта босқичларда аниқлаш ва асоратсиз даволаш имкониятини бермоқда.
Шунингдек, туманда юзлаб болалар пойтахтдан ташриф буюрган малакали мутахассислар иштирокида онкогематологик касалликларнинг олдини олиш мақсадида скрининг текширувларидан ўтказилди.
Умуман, тиббий кўрикларда янги туғилган чақалоқлардан 90-100 яшар бобою момоларгача барчага эътибор қаратилиб, ҳар бир ёшдаги фуқаролар белгиланган тартибда алоҳида кўриклардан ўтказилмоқда.
-Мақсадимиз аҳоли орасида касалланиш кўрсаткичларини пасайтириш, бирламчи босқичларда аниқлаш орқали асоратларининг олдини олиш, юртдошларимизнинг ҳаёт сифатларини яхшилашдир,-дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Меҳрибон Ваисова.
Тиббий кўриклар давомида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб қилинмоқда.
Cоғломлаштириш машғулотлари ўтказилмоқда.
Туман аҳолиси бу каби эътибордан мамнун бўлган ҳолда, тиббий кўрикларда фаол иштирок этмоқдалар.
Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати