Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимизда “Ёшлар саломатлиги ойлиги” бўлиб ўтмоқда.
Бугун акция доирасида Хива шаҳар тиббиёт бирлашмасида ўтказилган чуқурлаштирилган тиббий кўрикларда Хива шаҳри ва туманида яшовчи 14-30 ёшдаги етти юздан зиёд ёшлар саломатлиги кўрикдан ўтказилди.
Вилоят ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари малакали мутахассислари, маҳаллий шифокор ва ҳамширалар томонидан тиббий кўрикка ташриф буюрган ҳар бир фуқарога алоҳида эътибор қаратилди.
Дарвоза олдида ҳамшира қизлар кўрикка келганларни ҳурмат-эҳтиром билан кутиб олдилар ва рўйхатдан ўтиш учун йўналтирдилар. Тиббий кўриклар давомида «қизил тоифа»га кирувчи, ногиронлиги бўлган, сурункали хасталиклар билан назоратда турувчи ёшлар саломатлиги алоҳида кўрикдан ўтказилди.
Тор соҳа мутахассислари томонидан 20 хилга яқин текширувдан ўтган ёшларга аниқланган касалликлар бўйича муолажалар тавсия қилинди. Шунингдек, “Мобиль поликлиника”да вилоятнинг етакчи мутахассислари томонидан кўришда муаммоси бўлган 127 нафар ёш тиббий кўрикдан ўтказилиб, керакли тавсиялар берилди.
Кўриклар натижасида ҳаётида биринчи марта сурункали касаллик аниқланганлар диспансер назоратига олиниб, индивидуал соғломлаштириш режаси тузилди.
Юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга эҳтиёжи бор беморларга вилоят ва республика муассасаларига имтиёзли йўлланмалар тақдим этилди.
Тадбирлар доирасида ёшлар ўртасида “Соғлом овқатланиш ярмаркаси”, “Биз чекишга қаршимиз” акциялари ўтказилиб, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзи тамойилларига риоя қилиш, тўғри овқатланиш маданиятини шакллантириш, касалликлар профилактикаси, репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш бўйича тарғибот ишлари олиб борилди.
Бу каби тиббий кўриклар ёшларнинг ҳар томонлама соғлом бўлиб камолга етишига, ёш оилалар мустаҳкамлигига, узоқ умр кўриш кўрсаткичлари ошишига хизмат қилади.
Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати.