Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан Урганч шаҳар ҳокимлиги амалий ёрдамида Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан Урганч шаҳридаги марказий деҳқон бозори асосий дарвозаси олдида “Қон босимини бепул ўлчаш пункти” ташкил қилинди.
Сир эмас, дунё бўйича юрак-қон томир тизими касалликлари ногиронлик ва ўлимнинг асосий сабаби саналади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, барча ўлим ҳолатларининг 56 фоизи юрак-қон томир тизими касалликлари оқибатида келиб чиқади. Европа мамлакатларида юрак-қон томир касалликлари йилига 4,3 млн (48%) аҳоли ўлимига сабабчи бўлади. Янада ачинарлиси, юрак-қон томир касалликлари ёшариб бормоқда. Илгарилари бу касалликлар асосан қарияларда учраган бўлса, ҳозирда 20 ёшли инсонларда ҳам миокард инфаркти, артериал гипертония, юрак ритмининг ўткир бузилиши каби касалликлар учрамоқда. Мамлакатимизда, жумладан вилоятимизда ҳам юрак қон томир касалликлари, инфаркт ва инсульт кўп қайд қилинмоқда.
Мутахассислар фикрича, ушбу асоратларнинг аксарияти қон босимини назорат қилмаслик оқибатида келиб чиқади. Катта ёшдаги аҳолининг 25 фоизида турли даражада қон босими баландлиги учрайди. Шу сабаб бугунги кунда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан касаллик оқибатини бартараф қилишга эътибор қаратилиб, мутахассисларга бу юзадан зарур топшириқлар берилган.
Тажриба тариқасида Урганч шаҳрининг аҳоли энг гавжум бўладиган марказий деҳқон бозорида қон босимини ўлчаш шохобчаси ташкил қилишдан кўзланган мақсад аҳолининг қон босими тўғрисидаги билимларини ошириш, гипертоник касалликаларни эрта босқичларда аниқлаш ва оғир оқибатларнинг олдини олишдир.
Ушбу шохобчада бир кунда 200 га яқин фуқароларнинг қон босимини ўлчаш имконияти мавжуд. Бу ерга кунига 140-150 нафар фуқаролар ўз қон босимларини ўлчатиш учун мурожаат қилмоқда. Уларнинг 50-55 нафарида қон босими юқорилиги қайд қилиниб, бепул дорилар берилмоқда. Шохобча 26 хилдаги дори-дармон воситалари билан таъминланган.
Асосийси, шохбочада қон босими ўлчаш билан чекланилмайди. Шохобча электрон тизимда фоалият кўрсатади. Қон босими меъёрдан баланд, яъни 139/89мм симоб устунидан юқори бўлса, фуқаро рўйхатга олинади ва бепул дорилар берилиб, рўйхат шу куннинг ўзида мазкур фуқаронинг яшаш жойидаги поликлиникага етказилади. Поликлиника шифокори фуқародан хабар олади ва зарур бўлса қўшимча текширувлардан ўтказилади, фуқаронинг кейинги тақдири назоратга олинади.
Шохобчада Сингапур тажрибаси асосида бўй вазн индекси бўйича хавф хатар даражасини аниқлаш жадвали, уй шароитида қон босимини ўлчаш, гипертониянинг асоратлари тўғрисида кўргазмалар ўрнатилган. Шунингдек, ташриф буюрувчиларга тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи бўйича зарур тавсиялар берилади.
Шуни айтиб ўтиш керакки, ушбу шохобча Урганч марказий деҳқон бозорида тажриба тариқасида ташкил қилинган бўлиб, кейинчалик вилоятимизнинг барча туманларида кенг жорий қилиниши режалаштирилган. Шунингдек, ушбу шохобчаларда антропометрия тадбирларини ҳам ўтказиш кўзда тутилган. Мақсад юрак қон томир касалликлари, инфаркт ва инсультнинг олдини олиш, юртдошларимизнинг тиббий билимларини ошириш ва саломатлик кўрсаткичларини яхшилашдир.