Хабарингиз бор, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан белгиланган режа асосида туманларда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил қилинмоқда. Навбатдаги тиббий кўриклар Шовот туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида ўтказилди.
Хасталикни даволашдан кўра унинг олдини олган афзал. Бу тамойил бугун Ўзбекистон тиббиётидаги энг устувор вазифага айланган. Жойларда тез-тез ташкил қилинаётган тиббий кўриклар кўплаб касалликларни бирламчи босқичларда аниқлаш ва даволаш самарадорлигини ошириш имкониятини бермоқда. Шовот туманида ташкил қилинган тиббий кўрикларда вилоят тиббиёт муассасаларидан ташриф буюрган 14 нафар тор соҳа мутахассислари, туманнинг малакали шифокорлари томонидан фуқаролар 620 га яқин фуқаролар скрининг текширувлардан ўтказилди.
-Юртдошларимизга бир вақтнинг ўзида кардиолог, невропотолог, уролог, пульмонолог, акушер-гинеколог каби ўнлаб мутахассислар кўригидан ўтиш имконияти яратилди. Шунингдек, кўчма маммография ва офтальмомобил, кўчма қон қуйиш маркази жалб қилинди,-дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Дилшод Пирнафасов.
Тиббий кўрик натижаларига кўра, 300 дан зиёд фуқароларда турли касалликлар аниқланиб, уларнинг 218 нафарига амбулатор, 79 нафарига стационар муолажалар тавсия қилинди. Бундан ташқари, 24 нафар фуқарога вилоят муассасаларида муолажа олиш учун йўлланмалар берилди. Шуни айтиб ўтиш жоизки, тиббиёт бирлашмаси моддий техника базаси мустаҳкамланаётганлиги фуқароларнинг аксарият муолажаларни шу ернинг ўзида олиш имкониятларини кенгайтирмоқда. Жумладан, тиббий кўрик давомида жарроҳлик амалиётлари ўтказишга муҳтож деб топилган фуқароларда бирлашмада бу йил харид қилинган лапараскопик тўплам орқали ноёб амалиётлар ўтказилмоқда.
Тадбир давомида ногиронлиги бўлган беморларнинг хонадонларида тиббий кўриклар ташкил қилинди. Уларга бепул дори-дармонлар тарқатилди.
Шунингдек, саломатлик столлари ташкил қилиниб, соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб қилинди.