Бугун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Содиқжон Содиқов раислигида туман тиббиёт бирлашмалари тиббий назорат комиссиялари масъуллари иштирокида мажлис ўтказилди.
Йиғилишда соҳада коррупцияга карши курашиш, давлатнинг ногиронлиги бўлган фуқароларга эътиборидан келиб чиққан ҳолда комиссиялар иш фаолиятларини қайта кўриб чиқиш масаласи муҳокама қилинди.
Бошқарма бошлиғи тиббий назорат комиссияси раисларининг таклиф ва мулоҳазаларини сўради. Тиббий назорат комиссияси раислари хусусий секторда даволанаётган беморларга айрим хусусий тиббиёт муассасалари томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақалари очилмаётганлиги, муддат ўтгач, беморлар давлат поликлиникаларига мурожаат қилаётганлигини айтдилар ва бирламчи тизимни рақамлаштиришни жадаллаштириш ҳақидаги таклифларни илгари сурдилар.
Бошқарма томонидан шу жойнинг ўзида таклифларга эътибор қилинди. Хусусий сектор муассасаларида беморларга меҳнатга лаёқатсизлик варақалари очиш бўйича, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғига асосан, ҳар бир хусусий муассасада касаллик варақаси очиш ваколатига эга бўлган, етарли сертификатга, малака тоифасига эга врач бўлиши шартлигини инобатга олган ҳолда бошқармада кўрсатма тайёрланиб , хусусий секторга етказиладиган бўлди.
Бошқа масалалар ечимини топиш бўйича ҳам чоралар белгиланди. Тиббий назорат комиссиялари раислари ва уларнинг аъзолари (поликлиникалардаги) масъулиятини ошириш, коррупцияга қарши иммунитетини мустаҳкамлаш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.