Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан юртимизда “Ўқитувчи ва мураббийлар саломатлиги ойлиги” акцияси ўтказилмоқда. Ойлик доирасида вилоятимизда ҳам тиббий кўриклар ташкил қилиниб, соҳа ходимларини соғломлаштириш тадбирлари олиб борилмоқда.
Ёз — таълим муассасалари учун таътил мавсуми. Йил давомида соҳада меҳнат қилган ўқитувчи ва мураббийлар бу даврда ҳордиқ чиқариш имконига эга бўлишади.
Вилоятимизда жами 2316 та таълим муассасаси фаолият кўрсатади. Шундан 1735 таси мактабгача таълим ташкилотлари, 567 таси умумтаълим мактабларидир. Мактабгача таълим муассасаларида 120 584 тарбияланувчиларга 8913 нафар педагог ходимлар, умумтаълим мактабларида таълим тарбия олаётган 360684 нафар ўқувчиларга 32482 нафар педагог ходимлар таълим-тарбия бериб келмоқда. «Ўқитувчилар ва мураббийлар саломатлиги ойлиги» доирасида ушбу фидойи касб эгаларининг саломатликларини мустаҳкамлаш чоралари кўрилмоқда.
Тиббий кўрикларга вилоят ихтисослаштирилган тиббиёт марказларидан 20 дан зиёд тор соҳа мутахассислари ҳамда модил офтальмология ва маммография, кўчма қон маркази жалб қилинган.
Саломатлик столлари ташкил қилиниб, соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб қилинмоқда.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Содиқжон Содиқов жойларда тиббий кўрик жараёнлари билан танишиб, ўқитувчи ва мураббийлар билан мулоқотда бўлиб, азиз ва қадрли касб эгалари соғлиғини мустаҳкамлаш учун барча имкониятлар ишга солинишини билдирмоқда.