Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 9 августдаги “Республикада қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш чоралари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Қарорга кўра, ҳар ойнинг иккинчи ҳафтаси «Қон донорлиги ҳафталиги» этиб эълон қилинган. Шу муносабат билан вилоят қон қуйиш маркази томонидан қатор акциялар ташкил қилинмоқда.
Шифокор ва ҳамширалар маҳаллаларда, таълим муассасаларида, аҳоли гавжум жойларда бўлиб қон донорлигини кенг тарғиб қилмоқдалар.
Дарҳақиқат, қон донорлиги хайрли, савобли ишдир. Қон – ҳаёт демакдир. Қоннинг қийматини дунёда ҳеч бир нарса билан таққослаб бўлмайди.
Унинг нақадар бебаҳо неъмат эканлигини умрида бир бора қон ва унинг таркибий қисмига эҳтиёж сезган инсон яхши билади.
Вилоят қон қуйиш марказига ҳам ҳар куни юздан зиёд қон ва унинг таркибий қисмларига буюртмалар келиб тушади. Қон топшираётганлар эса 60-70 нафарни ташкил қи лади. Бу эса қон билан таъминлаш имкониятлари 70 фоиз қопланмоқда деганидир.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ноёб юрак операциялари, инсон тана аъзоларини кўчириб ўтказиш каби мураккаб жарроҳлик амалиётларининг йўлга қўйилиши ҳамда хавфли касалликлар диагностикасининг яхшиланиши сабабли сифатли қон компонентларига бўлган эҳтиёж янада ортган. Бугунги кунда битта жигар трансплантация операцияси учун 30 литргача қон плазмаси зарур. Бу компонент эса 120 нафар инсондан олинади. Шунинг ўзиёқ донорликнинг аҳамияти нақадар муҳим эканини кўрсатади.
Бундан ташқари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, ҳар бир давлат ўз аҳолисининг қонга бўлган эҳтиёжини қоплаш учун ҳар 1000 нафар кишига донорлар сони 30 нафар ва ундан ортиқ бўлиши лозим.
Шу кунларда вилоят қон қуйиш марказига ҳар куни 200 га яқин кўнгиллилар қон топшириш мақсадида мурожаат қилмоқда. Улар орасида тиббиёт ходимлари, ҳарбий хизматчилар, талаба ёшлар, давлат хизматчилари ва бошқа соҳа вакиллари бор. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан фаол донорлар муносиб рағбатлантирилмоқда.
Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида республика соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан барча вилоятларга кўчма қон марказлари ажратилди. Айни кунларда вилоятимизнинг кўчма қон маркази ҳар куни туманларда бўлиб, турли акциялар ташкил қилмоқда. Уларда ҳар куни ўнлаб фуқаролар ҳаётни сақлаб қолиш чун қон топширмоқдалар.
Барча юртдошларимизни қон донорлиги ҳафталикларида фаол иштирок қилишга чорлаб қоламиз.
Эслатиб ўтамиз, 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган соғлом фуқаролар қон донори бўлиши мумкин.
Ирода МУСАЕВА,
Хоразм вилоят қон қуйиш маркази бош шифокори