Хабар берганимиздек, Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Содиқжон Содиқов бошчилигидаги делегация Туркияда хизмат сафарида бўлиб турибди.
Кеча вилоятимиз вакиллари Бурса шаҳрида 2 та йирик клиникада бўлдилар.
Medicana хусусий клиникалар тармоғига қарашли Medicana Bursa Hastanesi бош менеджери Dr Remzi Karshi жаноблари билан учрашувда хоразмлик врачларнинг клиникада тажриба алмашишлари бўйича келишувга эришилди.
Шуни айтиб ўтиш керакки, Туркиянинг 16 та вилоятида Medicana хусусий клиникалар тармоғи филиаллари мавжуд. Бурсадаги шифохона 260 ўринга мўлжалланган, кўп тармоқли клиника ҳисобланади.
Музокаралар якунларига кўра ушбу клиника раҳбарияти билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Хоразм филиали ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Шунингдек, бошқарма бошлиғи клиникада фаолият кўрсатувчи машҳур умуртқа жарроҳи,нейрохирург Prof.Dr.Hayati Aygun жаноблари билан учрашиб, жарроҳни вилоятимизга таклиф этди.
Prof.Dr.Hayati Aygun бошқарма бошлиғининг таклифини қабул қилди. Профессор Урганчга шу йил 14 августда келиши режалаштирилди. Нейрохирург умуртқа соҳасидаги ўсмалар, лордоз, кифоз, сколиоз каби мураккаб умуртқа касаллиги бор беморларни тиббий кўрикдан ўтказиб, жарроҳлик амалиётларига бошчилик қилади.
Делегация аъзоси, РШТЁИМ Хоразм филиали директори Ҳусан Бекчанов Medicana клиникаси жарроҳлари билан умуртқа поғонасидаги мураккаб эндожарроҳлик амалиётида қатнашди.
Шундан сўнг Бурса шаҳридаги 45 йиллик тарихга эга бўлган йирик Hayat hastenasi клиникасига ташриф буюрилди. Клиника бош ҳакими Dr. Fatih Ozkul билан музокаралар ўтказилди ва ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Клиникада фаолият кўрсатувчи ортопед жарроҳ Dr. Abdulla Hoja Kuchuk Kalb билан мулоқотда ҳам манфаатли келишувларга эришилди. Маълумки, бутун дунёдаги каби воҳамизда ҳам Covid-19 пандемиясидан кейин сон суяги бошчасининг асептик некрози асорати кўп учрамоқда. Dr. Abdulla Hoja Kuchuk Kalb ушбу хасталикни дастлабки босқичларида, яъни эндопротезлаш жарроҳлик амалиётига кўрсатма босқичидан олдин Суяк илигини жароҳатланган жойга киритиш ёрдамида туннеллаш, декомпрессиялаш ва биопластика қилиш амалиётини ўтказиб келмоқда. Дунёнинг ривожланган давлатларида кенг қўлланилаётган ушбу амалиёт ёрдамида ўзак ҳужайраларни жароҳатланган, яъни вирус оқибатида шикастланган сон суягининг бошчасига киритиш натижасида ушбу ўзак ҳужайралар шикастланган жойнинг битишига замин яратади ва эндопротезга эҳтиёж қолмайди. Августь ойида вилоятимизнинг бир гуруҳ травматолог-ортопед шифокорлари Бурса шаҳрининг Hayat клиникасида Dr.Abdulla Hoja ёнига ушбу амалиётни ўзлаштириш учун сафарбар қилинадиган бўлди. Бу эса ушбу амалиётни яқин ойларда вилоятимизда жорий қилиш имконини беради. Бугунги кунда вилоятимизда минглаб юртдошларимиз суяк емирилишидан азият чекаётганини инобатга олсак, ушбу амалиётнинг йўлга қўйилиши улкан аҳамиятга эгалигини англаш қийин эмас. Беморлар жарроҳлик столига ётмасдан соғайиб кетишларига замин яратилиб, ўз навбатида инсоннинг айни кучга тўлган даврида ногирон бўлиб қолишининг ҳам олди олинади.
Бугун делегация Бурсадан Истамбул шаҳрига қайтди. Бугун ҳам бир қатор клиника ва ширкатлар раҳбарлари билан учрашиш режалаштирилган.
Сафар тафсилотлари бўйича маълумотлар бериб борилади.
Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати