Бугун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида шаҳар-туман тиббиёт бирлашмалари координаторлари, бирламчи тиббиёт муассасалари тиббиёт бригадалари аъзолари иштирокида семинар ўтказилди. Семинарни бошқарма бўлим бошлиғи Дилшод Қурязов олиб борди.
Анжуманда “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи умумиллий ҳаракати”ни амалга оширишда тиббий бригаданинг вазифалари, бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимининг устуворлик тамойиллари”, “Тиббий бригада фаолиятини ташкиллаштириш концепцияси. БТСЁМ лари фаолиятига янги механизмларни татбиқ этиш” каби масалалар муҳокама қилинди.
-Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ — 6110 сонли фармони, 2022 йил 25-апрелдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-215-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизда тизимли ишлар олиб борилмоқда,-дейди ВССБ бош ҳамшираси Бикажон Матчанова.- Семинардан кўзланган мақсад бу борадаги фаолиятни янада такомиллаштириш, тиббиёт бригадалари фаолияти самарадорлигини ошириш, пировардида аҳоли саломатлигини янада мустаҳкамлашдир.
Семинарда Республика ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари малакасини ошириш ва уларни ихтисослаштириш маркази Урганч филиали ўқитувчилари мавзу доирасида кўргазмали маърузалар ўқидилар.
Анжуман ўзаро фикр-алмашувларга, савол-жавобларга, баҳс-мунозараларга бой бўлди. Бирламчи тиббий хизмат сифатини ошириш, тиббиёт бригадалари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан олдда турган вазифалар белгилаб олинди.