Шу кунларда Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Содиқжон Содиқов бошчилигидаги делегация Туркияда хизмат сафарида бўлиб турибди. Мақсад Туркиянинг етакчи тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, вилоятда замонавий даволаш ва диагностика усулларини янада кенг татбиқ қилишдир.
Кеча вилоятимиз вакиллари Туркиянинг Мемориал клиникалар тармоғида бўлиб, тармоққа қарашли бир неча муассаса фаолияти билан танишдилар. Мемориал клиникалар тармоғининг Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудлари бўйича катта маркетинг мутахассиси Мави Валиева ҳамда халқаро маркетинг бўлими менеджери Реззан Лале ҳамроҳлигида муассасалар раҳбарлари билан бир неча йўналишларда музокаралар олиб борилди.
Шуни айтиб ўтиш керакки, Истамбул Мемориал клиникалар тармоғи нафақат Туркиянинг, балки дунёнинг етакчи клиникаларидан саналади. Тармоққа 1995 йилда асос солинган. Тармоқ 5 та шаҳарда 11 та клиника ва 3 та тиббиёт марказига эга. Уларда 7500 дан зиёд тиббиёт ходимлари фаолият кўрсатади. Муассасалардаги умумий ўринлар сони 1752 та. 80 та операция заллари, 455 интенсив терапия бўлимларидан ташкил топган. Йилига 2,4 миллиондан зиёд беморга тиббий ёрдам кўрсатилади. 80 мингдан зиёд ноёб жарроҳлик амалиётлари ўтказилади. Ўтган йили дунёнинг 167 давлатидан келган 75000 дан зиёд беморларга тиббий хизмат кўрсатилган. Клиникалар томонидан йилига 260 дан зиёд жигар, 350 дан зиёд буйрак, 350 дан зиёд суяк кўмиги транспланитациялари амалга оширилади.
Ушбу клиникалар тармоғи билан ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали Хоразм вилоятида тиббий хизмат даражасини жаҳон андозаларига мослаштириш кўзда тутилмоқда.
Музокараларда вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Мемориал клиникалар тармоғи билан бир неча йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди. Жумладан, пластик ва реконструктив хирургия, бариатрик хирургия, туркиялик шифокорларни вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида янги юқори технологик жарроҳлик амалиётларини ўтказишга жалб қилиш, Мемориал клиникада вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокорлари малакасини ошириш каби масалаларда келишувга эришилди. Хусусун, августь ойида икки нафар шифокор Мемориал клиникада малака ошириши ва сентябрь ойидан кўп тармоқли марказда янги ноёб жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилиши белгиланди. Ўзаро ҳамкорлик узоқ муддатли ва давомли бўлиши кутилмоқда.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Хоразм филиали ҳамда Мемориал клиникалар тармоғи билан жигар ва буйрак трансплантацияси йўналишида ҳамкорлик қилиш борасида ҳам музокаралар олиб борилди. Музокаралар натижаларига кўра, Мемориал клиника шифокорлари билан биргаликда РШТЁИМ Хоразм филиалида хирургия, травматология йўналишида янги юқори технологик операцияларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. РШТЁИМ Хоразм филиали шифокорлари августь ойида Туркияга буйрак, жигар трансплантацияси ва эндоурология мутахассислиги бўйича ўқишга ва малака оширишга юбориладиган, сентябрда туркиялик мутахассислар иштирокида филиалда янги амалиётлар йўлга қўйиладиган бўлди.
Вилоятимиз вакиллари куннинг иккинчи ярмида Истамбул шаҳрининг Башакшехир районида жойлашган Bioanalytic ва Diaclinica корхоналари бош директори Emin Avci жаноблари билан учрашди.
Diaclinica ширкати 2002 йилда ташкил топган бўлиб, 2007 йилда Bioanalytic корхонаси билан биргаликда тиббиёт лабораториялари учун сифатли реактив реагентлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Бугунги кунда дунёнинг 14 та давлатида ўз ваколатхоналарига эга. Жумладан АҚШ, Босния ва Герцеговина, Озарбайжон, Миср, Кипр, Сомали каби давлатларда лаборатор хизматлар кўрсатилади.
Ушбу ширкатлар билан Хоразм вилояти даволаш муассасаларида лаборатор йўналишда ҳамда реактив ва реагентлар етказишда ҳамкорлик қилишга келишилди. Августь ойида ширкатлар раиси Emin Avci жаноблари вилоятимизга келиб, соғлиқни сақлаш муассасалари билан танишади. Ушбу ҳамкорлик йўлга қўйиладиган бўлса, ширкат томонидан вилоятдаги лаборатор муассасаларга 2 миллион АҚШ долларидан зиёд инвестициялар киритилиши кўзда тутилмоқда.
Бугун 27 июль куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Содиқжон Содиқов бошчилигидаги делегация Бурса шаҳрида бўлиб турибди. Бу ерда нуфузли клиникалар фаолияти билан танишиш ҳамда Туркия нейрохирурглар ассоциацияси президенти, нейрохирург профессор Hayati Aygun жаноблари билан учрашиш белгиланган.
Сафар давомида яна бир қатор тиббиёт корхоналари ва клиникалар мутасаддилари билан музокаралар олиб бориш режалаштирилган. Сафар тафсилотлари бўйича маълумотлар бериб борилади.
Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати