Хабар берганимиздек, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Содиқжон Содиқов бошчилигидаги делегация Туркиянинг етакчи клиникалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида хизмат сафарини амалга оширмоқда.
Кеча делегация вакиллари Истамбулда Acilyolchu ширкати директори Ilgar Ahmadov жаноблари билан учрашди. Acilyolchu ширкати Туркиянинг ўзида 200 га яқин ва Озарбайжонда ҳам бир қатор шифохоналар ва университетлар билан ҳамкорлик қилади. Ширкат раиси билан Хоразм вилоятида ширкат ваколатхонасини очиш масаласи муҳокама қилинди. Бу вилоятда Туркиянинг энг номдор шифокорлари иштирокида мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш имконини беради. Музокара давомида шунингдек, хоразмлик врачларнинг Туркия ва Озарбайжонда малака оширишлари, ўзаро тажриба алмашинув масаласида келишувга эришилди. Қолаверса, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида жарроҳлик йўналишидаги бўлимлардан бирини қайта ташкил қилиш орқали мазкур ширкат билан давлат-хусусий шериклик асосида фаолиятни йўлга қўйиш бўйича дастлабки музокаралар олиб борилди. Шу йил 16 августь куни Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Туркий тилли давлатлар тиббиёт форумида ушбу масала яна бир бор муҳокама қилиниб, хулосавий фикрга келинади.
Делегациямиз мазкур ширкатда фаолият кўрсатувчи туркиялик машҳур жарроҳ ортопед Halil Ibrahim Bekler жаноблари билан ҳам мулоқотда бўлдилар. Профессор яқин ойларда вилоятда мураккаб травмотологик-ортопедик амалиётларни ўтказишга розилик берди. Шунингдек, вилоятдан 5 нафар травматолог шифокор Halil Ibrahim Bekler ёнига тажриба алмашинувга юбориладиган бўлди.
Вилоятимиз делегациясининг ушбу келишувлари воҳа аҳолиси саломатлигини муҳофаза қилишда, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилашда муҳим аҳамиятга эга.