9-21 ноябрь кунлари юртимизда Ўзбекистон – Татаристон соғлиқни сақлаш кунлари бўлиб ўтди.
Ушбу акция доирасида татаристонлик малакали офтальмологлар- тиббиёт фанлари номзоди Софья Булгар ва олий тоифали офтальмохирург Азат Мустафин Хоразмда бўлдилар. Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиалида татаристонлик мутахассислар иштирокида тиббий кўриклар ташкил қилиниб, юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.
Шунингдек, ҳамкорлик доирасида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиалига Татаристон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли М. Садыков номидаги 7-сон клиник шифохона олий тоифали акушер гинекологи Булат Нугуманов ташриф буюрди. Хорижлик мутахассис вилоятимиз тиббиёт ходимлари билан бирлагикда тиббий кўриклар ташкил қилиб, беморларга ўз тавсия ва маслаҳатларини берди. Ҳамкорликда бир неча юқори технологик операциялар муваффақиятли амалга оширилди.
Татаристонлик мутахассислар вилоятда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирларни юқори баҳоладилар. Тиббиёт муассасаларининг замон талаблари асосида жиҳозлангани ва маҳаллий мутахассисларнинг ўз касбларига садоқат билан ёндашиши ҳамкорликдаги тадбирларнинг юксак савияда ташкил қилинишига хизмат қилганлигини эътироф қилдилар.
Жиззах вилоятида Ўзбекистон — Татаристон соғлиқни сақлаш кунлари якунига бағишланган анжуманда Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Умидбек Абдуллаев бошчилигидаги вилоятимиз тиббиёт ходимлари ҳам иштирок этдилар.
У. Абдуллаев Ўзбекистон — Татаристон соғлиқни сақлаш кунлари доирасида Хоразм вилоятида ҳам катта натижаларга эришилганини таъкидлаб ўтди. Вилоятимиз тиббиёт муассасаларида тиббий кўрик ва жарроҳлик амалиётлари ўтказган татаристонлик мутахассисларга миннатдорчилик билдирди.
Мазкур акция икки мамлакат шифокорлари учун ҳам бирдек манфаатли бўлгани эътироф қилинди.
Хорижнинг етук клиникалари билан ҳамкорликнинг мустаҳкамланиб бораётгани бу йўналишда юқори натижаларга эришишга, янги замонавий даволаш методларини фаолиятга кенг татбиқ қилишга замин яратмоқда. Бу каби тадбирлар давом этади.