Жорий йил 27-29 ноябрь кунлари Минск шаҳрида Беларусь – Ўзбекистон тиббиёт анжумани бўлиб ўтмоқда. Шу мақсадда мамлакатимиз делегацияси ҳозир ушбу ҳамкор давлатда бўлиб турибди.
Жумладан, Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Умидбек Абдуллаев бошчилигидаги бир гуруҳ тиббиёт ходимлари анжуманда иштирок этмоқда.
Хусусан, мазкур акция доирасида вакилларимиз Беларусдаги Республика клиник тиббиёт марказини бориб кўрди.
Ташрифнинг иккинчи куни Минск шаҳрида жойлашган Н.Н.Александров номидаги Республика онкология ва тиббий радиология илмий-амалий маркази фаолияти билан танишилди.
Ташриф доирасидаги навбатдаги манзил Минск хирургия, трансплантация ва гемотология илмий-амалий маркази бўлди.
Вакилларимиз гуруҳларга бўлинган ҳолда тегишли тиббиёт марказларида бўлиб, турли мавзуларда ташкил этилган шўъба йиғилишларида қатнашдилар.
Бугун эса Минск шаҳридаги Республика саройида Беларусь — Ўзбекистон соғлиқни сақлаш анжумани бўлиб ўтди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб Беларусда ишлаб чиқарилган тиббий буюмлар ва фармацевтика маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди.
Тадбир аввалида Беларусь Республикаси Бош вазири ўринбосари Игорь Петришенко, ушбу мамлакатнинг соғлиқни сақлаш вазири Дмитрий Пиневич сўзга чиқиб, иштирокчиларга қутлов сўзларини йўллади.
Анжуманда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов ҳам сўзга чиқиб, икки мамлакат ўртасидаги тиббий ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва ривожланиш истиқболлари ҳақида сўз юритди.
Вилоятимиз вакиллари Беларуслик тиббиёт муассасалари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир самарали келишувларга эришдилар.
Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати