Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 8 сентябрдаги “Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда вилоятда бирламчи тизим хизматини янада яхшилаш, оналар ва болалар ўртасида касалликлар асоратларининг олдини олиш мақсадида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиалида вилоят патронаж доялари учун 2023 йил 20 – 28 декабрь кунлари тасдиқланган график асосида “Патронаж доя фаолияти” мавзусида ўқув семинари ўтказилмоқда.
Семинарлар очилишида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Гулбика Аллаберганова, Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиали директори Саломат Матяқубова, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Бикажон Матжанова иштирок қилиб, мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилишга қаратилаётган эътибор, бу борада олиб борилаётган ислоҳотлар аҳамияти, улар ижросини таъминлашда дояларнинг ўрни ҳақида кенг тушунча бермоқдалар.
Семинар ҳар бир гуруҳ учун икки кун давом этади.
Биринчи кунида “Патронаж доялар вазифа ва мажбуриятлари”, “Фертил ёшдаги ҳомиладор аёлларни эрта аниқлаш ва назоратга олиш” мавзулари бўйича кенг тушунчалар берилмоқда.
Иккинчи кун “Акушерликда шошилинч ҳолатларни баҳолаш ва шошилинч бирламчи тиббий ёрдам бериш” га бағишланган бўлиб, “Гипертензив ҳолатларда патронаж доя ёрдами”, “Пневмония билан ҳомиладорликни олиб боришда патронаж доя иши”, “Анафилактик шокда биринчи ёрдам кўрсатиш ва доя вазифалари”, “22 ҳафтадан кейин ҳомиладорликда қон кетишда патронаж доя қилиши лозим бўлган чора-тадбирлар” каби мазуларни ўз ичига олади.
Семинар давомида жами 494 та паронаж дояларни ўқитиш белгиланган. РИОБСИАТМ Хоразм филиали врач тренерлари Д. Мусаева, Р. Мадаминова, Ш. Райимберганова, Ш. Исмоилова М. Алимбаевалар ўз маърузаларида мавзуларни кенг очиб бермоқдалар.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олмоқдалар.
Ушбу ўқув семинари долзарб мавзуларни қамраб олган бўлиб, доялар учун фертил ёшдаги ҳомиладор аёлларни эрта аниқлаш ва назоратга олишда, шошилинч ҳолатларда ҳомиладор аёлларга биринчи тиббий ёрдам беришда, оналар, қолаверса чақалоқлар ҳаётини сақлаб қолишда замин ҳисобланади.