Қадрли тиббиёт ходимлари!
Ҳурматли ҳамкасблар!
Барчангизни кириб келаётган Янги — 2024 йил билан самимий муборакбод қиламан!
Муҳтарам Президентимизнинг эътибори туфайли халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш давлатимиз олдидаги энг муҳим вазифалардан бирига айланганлиги натижасида кейинги йилларда тиббиёт тубдан ўзгармоқда.
Тарихга муҳрлаётганимиз -2023 йил вилоятимиз соғлиқни сақлаш тизими учун юксалиш йили бўлди десак, муболаға қилмаган бўламиз.
Вилоятимиз аҳолиси саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида хорижнинг етакчи клиникалари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Дунёнинг етук шифокорлари вилоятимизга таклиф қилиниб, тиббий кўриклар, маҳорат дарслари уюштирилди, мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилди. Кўплаб тиббиёт ходимлари хорижда малака ошириб қайтдилар. Бу эса фаолиятга янги даволаш методларини татбиқ қилиш имкониятини кенгайтирди. Илгари хорижда бажарилган кўплаб ноёб жарроҳлик амалиётлари эндиликда туман даражасида амалга оширилаётгани бунинг бир мисолидир.
Бундан ташқари, аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш, узоқ умр кўриш кўрсаткичларини ошириш мақсадида мунтазам равишда скрининг текширувлари ўтказилиб келинди.
Бир неча тиббиёт муассасаларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди. Кўплаб тиббиёт муассасаларига замонавий тиббиёт ускуналари келтирилди. Жумладан, Янги йил арафасида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Хоразм филиалига замонавий ангиограф ускунаси тақдим этилди.
Босқичма босқич электрон поликлиника тизими йўлга қўйилмоқда.
Аҳолига кўрсатиладиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхати тасдиқланди.
Буларнинг барчаси мамлакатимизда инсон қадри учун амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.
2024 йилда олдимизга қўйган вазифаларимиз янада катта.
Электрон тизимни кенг йўлга қўйиш, янги даволаш методларини янада кенг жорий қилиш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, юқумли ва юқумсиз касалликларнинг олдини олиш борасида бир қатор режаларни белгилаганмиз.
Албатта, ушбу мақсадларимизнинг амалга ошишида Сиз, қадрли тиббиёт ходимларининг ўрнингиз ва ҳиссангиз беқиёсдир.
Барчангизни яна бир бор Янги йил билан қутлаб, шарафли ишларингизда муваффақият, хонадонларингизга қут-барака, оилаларингизга бахту саодат тилайман. Элга шифо улашувчи қўлларингиз асло дард кўрмасин!
Янги йил омадли ва баракали йил бўлсин!
Cодиқжон СОДИҚОВ,
Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи