Бугун вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва вилоят прокуратураси ҳамкорлигида Ҳазорасп туманидаги 2— сектор ҳудудига қарашли “Мустақиллик” маҳалласида жойлашган “Ашақ Атов” оилавий шифокорлик пунктида сайёр тиббий кўрик ташкил қилинди.
Ушбу шифокорлик пункти Ҳазорасп тумани прокурори Дилшод Мадиримов ташаббуси билан таъмирдан чиқарилганлиги натижасида минглаб фуқароларга бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлиги оширилишига эришилди. Эндиликда муассасада аҳоли малакали тиббий хизматдан фойдаланиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Тиббий кўрикка пухта тайёргарлик кўрилди. Сектор ҳудудида фаолият юритаётган 50 нафар патранаж ҳамшира хонадонларда бўлиб, хатлов ва антропометрия тадбирларини амалга ошириш жараёнида аҳолини тиббий кўрикка таклиф қилдилар ва соғлом турмуш тарзи тарғиботини олиб бордилар. Бунинг натижасида тиббий кўрик давомида 480 хонадон патронаж хизмати билан қамраб олинди, 1345 нафар аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Тадбирда вилоят тиббиёт муассасаларининг 13, туман тиббиёт бирлашмасининг 15 (УТТ, ЭКГ, лаборант, уролог, кардиолог, травматолог, терапевт, отоларинголог, офтальмолог, эндокринолог, гинеколог, хирург, педиатр, невропатолог, пульмонолог) йўналишдаги тор соҳа мутахассислари ҳар бир фуқарони зарур тиббий кўриклардан ўтказди. Шунингдек, мобил офтальмология ва маммография, рентген текширувлари ташкил қилинди. Кўрикдан ўтган аҳолининг 851 нафарида турли хил касалликлар аниқланди. Уларга зарур амбулатор ва стационар муолажалар тавсия қилинди. Бепул дори-дармонлар тақдим қилинди.
-Мен бугун тиббий кўрикка келиб соғлиғимни текширтирдим. Шифокорлардан керакли маслаҳатлар олдим. Яратилган шароитлардан хурсандмиз. Авваллари туман марказига борардик. Энди ўзимизнинг пунктда даволаняпмиз. Бу каби ғамхўрликлар учун Президентимиздан миннатдормиз,-дейди 70 ёшдан ошган Қурамбой ота Сафаров.
Тиббий кўрик давомида соғлом турмуш тарзи кенг тарғиб қилинди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Гулбика Аллаберганова кўрикка жалб қилинган аёллар билан қариндошлар ўртасида никоҳ, эрта туғруқнинг асоратлари, туғруқлар орасидаги муддат, туғруқ учун энг мақбул ёш, она сутининг аҳамияти тўғрисида суҳбат ўтказди. Аёлларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб қайтарди.
Ушбу тиббий кўрикнинг яна бир ўзига хос жиҳати “Китобхонлик марафони” ҳам уюштирилди.
-Ўзим учун зарур китоблар харид қилдим, бу каби марафонлар тез-тез ўтказилиб турилса, китобхон ёшлар сафи янада кенгаяди. Ушбу тадбир ёшларнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом бўлишига хизмат қилди, -дейди Гулшаной Илҳомбоева.
Ушбу тиббий кўрикни ташкил қилишдаги ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга қўшаётган муносиб ҳиссаси учун Ҳазорасп тумани прокурори Д. Мадиримовга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаккурномаси тақдим қилинди.
Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати томонидан Ҳазорасп тумани ҳокимлиги матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.