Жорий йилнинг 18-19 апрель кунлари Германия пойтахти Берлин шаҳрида Германия – Ўзбекистон II тиббиёт форуми бўлиб ўтди. Ушбу тиббиёт форуми доирасида икки мамлакатнинг соҳа масъуллари, етакчи тиббиёт муассасалари ва олий ўқув юртлари, хусусий клиникалари ва йирик компаниялари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари иштирок этишди.
Сўнги йилларда Ўзбекистон ва Германия давлатлари ўртаси соғлиқни сақлаш соҳасида, хусусан онкология йўналиши бўйича ҳамкорликда бир неча лойиҳалар йўлга қўйилди.
Жумладан 2023 йил 26-27 май кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон — Германия халқаро тиббиёт форуми ўтказилди. Ушбу тиббиёт форумида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиали директори Тоҳир Палванов ва Германия Республикасининг «Helios Klinikum Northein» клиникаси раҳбари, профессор, доктор Аксель Рихтер ўртасида онкология соҳасида клиник, илмий ва таълим йўналишлари бўйича меморандум имзоланган эди.
Берлинда ўтказилган II тиббиёт форуми ушбу ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш имконини берди.
Тадбирда онкология соҳасига бағишланган шўъба йиғилиши бўлиб ўтди. Унда вакилларимиз сўнгги йилларда юртимизда ушбу йўналишида, шу жумладан бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонига қарши кураш соҳасида эришилган ютуқлар хусусида маълумот берди. Икки мамлакат мутахассислари онкологияда замонавий диагностика ва даволаш йўналишлари бўйича ҳам ўзаро фикр алмашишди.
Форумда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиали Германия Республикасининг «Helios Klinikum Northein» клиникаси билан телемедицина орқали беморларни консультациялар қилиш, онкохирургия, химиотерапия соҳалари бўйича малака ошириш ва бошқа йўналишларда келишувларга эришди.
Шунингдек, РИОваРИАТМ Хоразм филиали ва Германия Республикасининг “EMEX MEDICAL GERMANY” клиникаси ўртасида онкологияда иммунотерапия, болалар онкологияси соҳасини ривожлантириш, ёш мутахассисларни ўқитиш, радиочастотали абляцияларни вилоятда йўлга қўйиш бўйича хамкорлик қилишга келишилди. Ушбу клиника раҳбарияти жорий йилнинг май ойи иккинчи ярмида вилоятимизга келиши кутилмоқда.
Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Германия ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликларни янада мустаҳкамалаш, шу жумладан радиология соҳасини модернизация қилиш ва бошқа бир қанча масалалар муҳокама қилинди.