Ижтимоий тармоқларда “Суд қарори менга гитара” номли видеохабар тарқалди. Хабарда суд фуқаро Зулфия Қулметовани эгаллаб келган лавозимига ишга тиклаш бўйича қарор чиқарганига қарамасдан, Хонқа туман тиббиёт бирлашмаси унинг ижросини бажармай келаётганлиги ҳақида сўз борган.
Ушбу видеохабарда келтирилган ҳолат вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси вилоят кенгаши вакиллари иштирокида тегишли тартибда ўрганилди.
Маълум бўлишича, Зулфия Қулметова 1996 йил 16 августдан Хонқа туманидаги болалар шифохонасига навбатчи ҳамшира лавозимига ишга қабул қилинган ва 2016 йилга қадар фаолият кўрсатган.
2016 йил 16 майда мутасадди вазирликлар томонидан тасдиқланган “Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасининг тиббиёт, фармацевтик ва бошқа ходимларининг вақтинчалик штат меъёри”га асосан, штатлар жадвалидан болалар шифохонасида навбатчи лаборант лавозими чиқариб ташланган. Ўша даврда Хонқа туман тиббиёт бирлашмасида болалар шифохонасида навбатчи лаборант лавозимида ишлаб келган ходимлар марказий шифохона туғруқхона бўлимида бўш турган навбатчи операция хона ҳамширалари пости амалда бўлган Меҳнат Кодексининг 156-моддаси 3-қисмига ва Хонқа тумани тиббиёт бирлашмасининг лавозим алмашиш тўғрисидаги буйруғига асосан туғруқхона ва болалар бўлимлари навбатчи фельдшер лаборанти постига айлантирилган ҳолда ишга ўтказилган. Кейинчалик, туғруқхона бўлимида навбатчи операция хонаси постига эҳтиёж сезилганлиги туфайли лавозим бўлимда қайта тикланган.
2022 йил 31 августда мутасадди вазирликлар томонидан тасдиқланган “Туман тиббиёт бирлашмалари ва уларнинг таркибидаги туман(шаҳар) шифохоналари тиббиёт, фармацевт ва бошқа ходимларининг штат меъёрлари”да З.Қулметова ишлаб келаётган лавозим кўрсатилмаганлиги сабабли, туман тиббиёт бирлашмаси томонидан унга бўш иш ўринлар таклиф қилинган, бироқ рад қилганлиги боис 2023 йил 13 мартдаги буйруғига асосан амалда бўлган Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисми 1 бандига биноан ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган. Шу асосда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 102-моддаси тартибида огоҳлантириш берилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди 2023 йил 15 июнда Хонқа туман тиббиёт бирлашмасининг 2023 йил 13 мартдаги З.Қулметова билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруғини ғайриқонуний деб топиш, уни тиббиёт бирлашмасининг болалар бўлими лаборатория хонаси навбатчи лаборанти вазифасига ишга тиклаш бўйича “Ҳал қилув қарори” қабул қилган.
Тиббиёт бирлашма томонидан 2023 йил 3 июлда фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судига штатлар жадвалида мазкур вазифа мавжуд эмаслиги сабабли З.Қулметовани қайси лавозимга тиклаш бўйича ариза билан мурожаат йўлланган. Мурожаатга жавобан фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 2023 йил 14 августдаги хатида “Ходим аввалги ишини давом эттириш имкониятига объектив сабабларга кўра эга бўлмаган тақдирда иш берувчи ходимни ишга жойлаштириш чорасини кўриши шарт”лиги кўрсатилган.
Юқоридагига асосан, фуқаро З. Қулметовага 10 та лавозим таклиф этилган бўлиб, уларнинг барчасини рад қилган.
Қонуний тушунтиришларга ва бир қатор лавозимлар таклиф қилинишига қарамасдан, З. Қулметова ижтимоий тармоқлар орқали қайта-қайта мурожаатлар билан чиқмоқда.
З. Қулметованинг ижтимоий тармоқдаги навбатдаги мурожаатидан сўнг ҳолатга алоқадор тўпланган ҳужжатлар асосида яна бир бор вилоят даражасидаги тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда қонуний тушунтириш берилди ва мутахассислиги бўйича тиббиёт бирлашма кесимида вакант бўлган иш ўринлари таклиф қилинди. Фуқаро барча таклифларни рад этди ва принципиал ҳолатда болалар бўлими навбатчи лаборанти вазифасига ишга тиклаб беришни талаб қилди.
Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси амалдаги штатлар жадвалида тиббиёт бирлашманинг болалар бўлимида навбатчи лаборантлар пости йўқлиги туфайли З. Қулметовани ушбу лавозимга тиклаш имкони йўқлигини маълум қилади.
Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати