Бугун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Хоразм филиалида илк бор ишлаб турган юракда аорта-коронар шунтлаш амалиёти бажарилди.
Ушбу амалиётга филиал директори, тиббиёт фанлари номзоди Ҳусан Бекчанов раҳбарлик қилди.
Янгиариқ туманидан 50 ёшли бемор О. А. шошилинч тиббий ёрдамга мурожаат қилганида унга, ривожланиб борувчи зўриқиш стенокардияси, гипертония касаллиги, қандли диабет 2-типи, семизлик иккинчи даражаси ташҳиси қўйилди.
Яна бир бемор, Боғотлик, 55 яшар Қ. С. га ҳам ривожланиб борувчи зўриқиш стенокардияси ташҳиси қўйилган эди.
Бундай ҳолатларда аорта-коронар шунтлаш амалиёти бемор саломатлигини муҳофаза қилиш ва ҳаётини сақлаб қолишнинг муҳим омили саналади.
Ҳар икки беморда ҳам амалиёт муваффақиятли бажарилди.
Амалиётларнинг муваффақиятли ўтишида Оролбўйи минтақаси кардиология ва кардиохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиали жамоасининг кўмаги катта бўлди. Бу турдаги жарроҳлик амалиётлари Оролбўйи кардиология марказида узоқ йиллардан бери режали равишда бажариб келинмоқда ва марказ мутахассислари бу борада етарли тажрибага эга.
Эндиликда аорта коронар шунтлаш амалиётларининг шошилинч тизимда ҳам ўтказилиши беморларга кечиктириб бўлмас ҳолатларда сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш орқали ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилади.
Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати